Янги йил байрами арафасида Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда йирик миқдордаги пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати хабар қилди.

Жумладан, Қарши шаҳрида фуқаро Д.Рашидованинг (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) хонадони амалдаги тартибларга мувофиқ, холислар иштирокида кўздан кечирилганда, бу ерда хорижда ишлаб чиқарилган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган қиймати 8,6 млн. сўмдан зиёд 172,8 минг дона пиротехника воситалари яширин равишда сақланаётганлиги аниқланди.

Шунингдек, Қарши шаҳрида фуқаро Ш.Парпиевнинг хонадони ҳам амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганда, бу ерда 17 дона қоғоз қутида қиймати 20 млн сўмдан ортиқ 2 турдаги 100 минг дона пиротехника воситалари ҳовлидаги ғўзапоя уюмлари остида ноқонуний равишда сақланаётганлиги фош қилинди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан хуқуқни мухофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 11 та божхона қоидабузарлик ҳолатида қиймати 42,6 млн. сўмлик 945 минг донадан ортиқ пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.