29 декабрь куни пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида “Президент арчаси” тантаналари бошланди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, «Sen yolg'iz emassan» республика жамоатчилик болалар жамғармаси томонидан бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирга пойтахтимиздаги Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, махсус мактаб-интернатлар ўқувчилари, кам таъминланган оилалар, юртимиз тинчлиги ва барқарорлигини асраш йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари таклиф этилди.

...“Туркистон” саройининг байрамона безатилган фойеси кўзлари ҳайрат ва ҳавасга тўла болаларнинг шодон кулгиси билан тўлган. Қорбобо ва Қорқиз шеъру қўшиқлар айтаётган, топқир, зеҳнли ва зийрак ўғил-қизларга совғалар улашмоқда.

Бир-биридан қизиқарли саҳна кўринишлари, кичкинтойлар иштирокидаги турли ўйинлар, савол-жавоблардан барча завққа тўлади. Эстрада ижрочиларининг куй-қўшиқлари болаларни рақсга чорласа, цирк усталари намойиш этган қизиқарли дастур уларнинг ҳайратини оширмоқда.

 

Арча атрофидаги томошалар, байрам шодиёналари давом этади. Кичкинтойлар учун «Томоша» болалар мусиқий театр-студияси томонидан тайёрланган «Меҳримизда сеҳримиз» театрлаштирилган мусиқий дастури намойиш этилди. Мазкур дастур ўғил-қизларнинг дунёқарашини кенгайтириш, салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Болаларга Президентимизнинг Янги йил совғалари топширилди.

Бундай тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда бўлиб ўтмоқда.