АҚШ Суриядаги ихтилофни тартибга солиш учун муайян тараққиётга эришди, бироқ ихтилофни батамом ҳал қилиш учун яна кўплаб ишни амалга ошириш керак. Бу ҳақда Washington Post газетасида АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати бошлиғи Жон Кирби маълум қилди. Бундан аввал баъзи ОАВлар у “Вашингтон Сурияга тинчлик ва хавфсизлик олиб келди”, деб айтганини маълум қилишганди.

24 декабрда Кирби департаментнинг расмий блогида 2015 йил натижаларига қисқача шарҳ бериб ўтди. “Сурияга тинчлик ва барқарорликни олиб келиш” деб номланган бўлимда Суриядаги вазият ҳақида сўзланган. Бироқ 28 декабрда Foreign Policy журнали Кирбининг айтган сўзларини танқид остига олди ва Кирби гўёки АҚШ Сурияда тинчлик ва тартибни ўрнатганини назарда тутганини айтган.

“Мен биз Сурияда тинчлик ва хавфсизликни олиб келдик, деб айтмадим. Бундан ташқари, бу банднинг бошида мен “Суриядаги ихтилоф 2015 йил давомида янада авж олганини” ёзганман. Шаб-шубҳасиз, ҳали олдинда қиладиган ишлар кўп. Бу ҳақда Давлат котиби Керри ҳаммадан кўпроқ билади. Бироқ унинг қатъийлиги эвазига дипломатик фронтда эришилган тараққиёт жуда салмоқлидир ва бу ҳақиқатда тинчлик ва хавфсизликни тиклашга ёрдам беради”, деб раддия билдирди Кирби.

Кирби, шунингдек, АҚШ ИШИДга қарши курашни ҳали юта олмаганини, бироқ террорчилик гуруҳи “ҳозирда бир неча ой аввалгидек кучли эмаслигини” айтди. “Улар яқиндагина Рамадининг катта қисмини йўқотди ва аввал эгаллаган ҳудуднинг 25-30 фоизи устидан назоратни йўқотди”, деб айтмоқда Кирби.