Bloomberg: Рейган Тэтчерга жосуслик романларини ўқишни маслаҳат берган

Жаҳон 30 Декабрь 2015 2532

АҚШнинг собиқ президенти Рональд Рейган 40 ёшлигида америкалик ёзувчи Том Клэнсининг Red Storm Rising (“Қизил тўфон кўтарилмоқда”) жосуслик романини ўқиб, шу орқали собиқ иттифоқ билан ядровий қуролсизланиш бўйича музокараларга тайёрланган. Бу ҳақда Британия ҳукуматининг махфийликдан чиқарилган ҳужжатларига таянган ҳолда Bloomberg агентлиги хабар бермоқда.

Ҳужжатларда кўринишича, Рейган Буюк Британиянинг ўша пайтдаги раҳбари Маргарет Тэтчерга Совет Иттифоқига ишонмаслигини айтган ҳамда унга Клэнсининг китобларини тавсия қилиб, уларда “СССРнинг мотивлари яхши тушунтирилган”, деб таъкидлаган.
Маълум бўлишича, бу сўзларни Рейган 1986 йили Рейкьявикда КПСС МК бош котиби Михаил Горбачёв билан ўтказилган учрашувдан бир кун ўтиб айтган.

Тэтчер хоним бу сўзлардан ҳайратга тушиб, уларни суҳбатнинг расмий стенограммасига киритмасликни топширган ҳамда юқори махфийликдаги алоҳида ёзувлардагина бир неча бор тилга олган.

Тэтчер хоним Рейганга музокаралар самарасизлиги туфайли афсусдалигини билдирган, АҚШ президенти эса собиқ иттифоқ мотивларига мутлақо ишонмаслигини таъкидлаган.
"Руслар уришишни хоҳламайди, улар ядровий қурол билан таҳдид қилиб, ғалаба қозонишни истайди ", - деган шунда Рейган.

“АҚШ президенти Тэтчер хонимга машҳур “Қизил октябрга ов” муаллифининг китобини тавсия қилди, бу китобнинг номи “Қизил тўфон кўтарилмоқда” эди. У Совет Иттифоқининг мақсадлари ва стратегияси ҳақида яхши тасаввур беради”, - дейилади ҳужжатларда.

Клэнсининг тилга олинган романи Рейкьявикдаги музокаралардан 2 ой муқаддам чоп этилган. Унинг сюжетига мувофиқ, СССР мусулмон радикалларнинг мамлакатдаги йирик нефтни қайта ишлаш комплексига уюштирган ҳужуми оқибатида нефть инқирози ёқасига келиб қолади. Шунда мамлакат раҳбарияти Форс кўрфази давлатларининг конларини эгаллаб олишга қарор қилади.

Дастлаб СССР Германияда операция ўтказади, аммо бу операция ҳарбий ҳаракатларга айланиб кетади. НАТО давлатларининг мажбурий аралашуви туфайли Учинчи Жаҳон уруши бошланиб кетади. Китоб якунида СССР мағлубиятга учрайди.

Кўпроқ янгиликлар