Эрон Ҳурмуз кўрфазида синов ракеталарини учирган пайтда у ердан Форс кўрфази томон АҚШнинг “Ҳарри Трумэн” авиаташувчиси ўтаётган эди. Бу ҳақда АҚШ ҳарбийларининг сўзларига таянган ҳолда NBC News хабар бермоқда.

Айтилишича, Эроннинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси аталмиш бўлинмаси АҚШ ҳарбий кемасидан тахминан 1.4 км узоқликда ракета машқларини ўтказа бошлаган. Ўша ҳудудда Франция фрегати, АҚШнинг Buckley эскадрилья мина ташувчиси ва тижорий кемалар турган эди.

Бу кемалар халқаро денгиз йўлагида турган паллада Эрон ҳарбийлари синовлар бошланишини хабар қилган. Огоҳлантиришдан сўнгра бир нечта бошқарилмайдиган ракета учирилган.

Ракеталар кўрфазнинг кемалар жойлашган ҳудудига тескари томонига учирилган, яъни Эрон бошқа давлатларнинг денгиз транспортларини нишонга олмагани тайин.
Шунга қарамай, АҚШ бу машқларни “ўта провокацион ва хавфли” деб баҳолади.