Facebook синов тартибида янгиликлар тасмасини мавзулар бўйича тақсимланишини жорий қилди

Жаҳон 30 Декабрь 2015 1147

Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари мобил иловадаги бир ўзгаришни қайд қилишди: янгиликлар тасмаси мавзулар бўйича тақсимлана бошлади. The Verge нашрининг эътироф этишича, эндиликда, айтайлик, спорт янгиликларини мода ёки кино янгиликларидан алоҳида кўриш мумкин бўлади.

Илова дизайнидаги ўзгаришлар ҳақида тадбиркор Жейсон Штайн ўз микроблоги орқали хабар қилди. Унинг янгиликлар тасмаси умумий бўлинмадан ташқари услуб, саёҳат сингари йўналишлардаги рукнларга ҳам эга эди.

Бу хусусият ижтимоий тармоқ томонидан 2014 йилда чиқарилган Paper иловасини эслатиб юборади. Paper янгиликларни ўқишга мўлжалланган, уларни мавзусига кўра тақсимлайдиган илова сифатида тақдим этилган эди.Paper орқали фақат нашрларнинг мақолаларини эмас, балки дўстларнинг ёзувларини ҳам ўқиш мумкин бўлади.

Ушбу янгиликдан ташқари, Facebook Marketplace’ни ҳам тестдан ўтказаётгани маълум бўлди: у ерда турли дўконлар ва фойдаланувчилардан товарлар сотиб олиш мумкин бўлади.

The Verge’нинг сўровига жавобан ижтимоий тармоқ мутасаддилари ушбу янги сервисларнинг барчаси синов тартибида қўлланилаётганини маълум қилишган. Жейсон Штайннинг таъкидлашича, айнан мана шу хусусият – янгиликларни мавзувий блокларга бўлиш – кўплаб ижтимоий тармоқларга, жумладан, Twitter’га етишмайди.

Кўпроқ янгиликлар