Германиянинг бир қатор шаҳарларида Янги йил байрами кунлари вақтида қочқинлар жойлаштирилган лагерлар яқинида мушакбозлик қилиш тақиқланди. Бу ҳақда Frankfurter Allgemeine Zeitung хабар ёзган.

Ҳукуматнинг изоҳ беришича, бу қарор нафақат хавфсизлик нуқтаи назаридан, балки қочқинларнинг руҳий ҳолатини назарда тутган ҳолда қабул қилинган.

"Ким ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида бўлган бўлса биладики, ўқ ва портлашлар овози мушакларники билан ўхшаш. Биз шуни эътиборга олган ҳолда, Яқин Шарқ ҳудудидан келган кишиларнинг хотирасида уруш ҳудудларидаги воқеалар қайта жонланиб, уларга азоб бермаслигини таъминлашни истаймиз", деган Арнсберг шаҳар кенгаши вакили Кристоф Соббелер.

Шифокор Маркус Бюргмернинг маълум қилишича, қочқинлар уруш қолдирган руҳий асоратлардан чиқиш жараёнида. Улар яна портлашлар товушини эшитиши эса бу жараённи бузиб, қочқинлар орасида хавотирли кайфиятларни юзага келтириши мумкин.

Нашрнинг ёзишича, қочқинларнинг аксар қисми мусулмонлар ва улар Янги йилни маҳаллий немислар каби байрам қилишмайди.