Ўзбекистонда илк маротаба жамоат жойларида чекканлик учун жарима жорий этилди. 29 декабрь куни Ислом Каримов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишларга имзо чекди. Янги тартиб «Народное слово» ва «Халқ сўзи» газеталарида эълон қилинган кун — 30 декабрдан кучга кирди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 56-1 - моддасига биноан, иш жойлари, соғлиқни сақлаш, таълим ва спорт муассасалари, ёнғин хавфи мавжуд жойлар, жумладан, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва бошқа жамоат масканларида тамаки маҳсулотларини чекканлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг учдан бир қисми миқдоридаги жарима белгиланади.

Бу каби жойларда тамаки маҳсулотларини фақатгина мазкур бинолардаги махсус белгиланган ҳудудларда чекиш мумкин.Шунингдек, жорий этилган ўзгаришларга мувофиқ, транспорт воситаларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш учун жарималар ҳам қатъийлаштирилди.

Ўзбекистонда жамоат жойларида тамаки маҳсулоталарини истеъмол қилиш 2012 йилнинг апрелида тақиқланган эди. Бироқ қонунчиликда шу вақтга қадар мазкур тақиқ устидан назорат белгиланмаган эди.

Жамот транспортининг барча турларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш учун муқаддам энг кам ойлик иш ҳақининг йигирмадан бир қисми миқдорида жарима белгиланган бўлса, янги тартибга кўра бу рақам учдан бир қисмга қадар оширилди. Ҳаво кемаларида тамаки, шу жумладан, нос чекканлик учун белгиланган жарима ЭКОИҲнинг 2 баробари миқдорида қолдирилди.

Бундан ташқари, 30 декабрдан жамоат жойларида алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилганлик учун белгиланган жарималар миқдори ҳам оширилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янгиланган 187- моддасига биноан иш жойлари, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида алкогол маҳсулотларини истеъмол қилиш энг кам ойлик иш ҳақининг ярми (1/2 қисми) миқдоридаги жаримага сабаб бўлади. Авваллари жарима миқдори ЭКОИҲнинг 1/10 дан 1/3 қисмигачани ташкил этган.

Мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан сўнг бир йил ичида қайта амалга оширилса, ЭКОИҲнинг 1/2 дан 2 қисмигача жарима ёки 15 суткагача маъмурий ҳибсга олиш жазоси тайинланади.Тўй, юбилей ва бошқа маросимлар ўтказиладиган жойлар, шунингдек, алкогол маҳсулотларининг чакана савдосини амалга оширишга рухсат этилган савдо ва умумий овқатланиш объектларидагина алкогол маҳсулотларини истеъмол қилишга ижозат берилади.

Коньяк спирти ёки тозаланган этил спиртидан, вино материаллари ва (ёки) таркибида спирт бўлган озиқ-овқат маҳсулотидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган, ҳажмидаги этил спиртининг улуши бир ярим фоиздан ортиқ бўлган озиқ-овқат маҳсулоти алкоголь маҳсулоти деб ҳисобланади.