Назарбоев Эрон ядровий дастури бўйича баёнот берди

Жаҳон 30 Декабрь 2015 3790

Оқ Ўрда сайтида 30 декабрь куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Эрон ядровий дастури бўйича қўшма режанинг ижро этилишидаги силжишлар муносабати билан берган баёноти чоп этилди. Бу ҳақда nur.kz хабар бермоқда.

Баёнотда таъкидланишича, Қозоғистон ушбу режанинг реализациясида кузатилаётган силжишларни илиқ қарши олади ҳамда унинг ижросида бевосита иштирок этишга умид қилади.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини воситачилар (Буюк Британия, Германия, ХХР, Россия, АҚШ ва Франция) “Олтилик гуруҳи” ва Эрон қўшма комиссиянинг координатори сифатида Қозоғистонга мурожаат қилгани алоҳида қайд қилинди.

Қозоғистоннинг бу борадаги нуқтаи назарини инобатга олган ҳолда бундай сиёсий-дипломатик муносабат Эрон ядровий дастури атрофидаги муаммоларни бартараф қилишнинг ягона йўлидир, деб ҳисоблайди Назарбоев. Бу ҳолат, шунингдек, минтақани ядродан ҳоли зонага айлантириш борасидаги ташаббусга мувофиқ келади ҳамда Марказий Осиё давлатлари иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига хизмат қилади, қолаверса, икки томонлама Қозоғистон ва Эрон муносабатларининг ривожланишида муҳим роль ўйнайди.

“2015 йилнинг сентябрь ойида, БМТ Бош Ассамблеяси 70-сессиясидаги чиқишимда мен жаҳон ҳамжамиятини ядродан ҳоли дунё яратишни инсониятнинг XXI асрдаги асосий мақсадига айлантиришга чақирган эдим. Қозоғистон ядродан ҳоли дунё яратиш мақсади жаҳоннинг барча давлатларида қатъий сиёсий ирода мавжуд бўлган тақдирда амалга ошишига ишонади”, - хулоса қилди мамлакат раҳбари.

Кўпроқ янгиликлар