Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси йўл ҳаракати қоидаларининг янги таҳририни тасдиқлади. Gazeta.uz сайтининг маълум қилишича, таҳрир 2016 йилнинг 1 мартидан кучга киради.

ЙҲҚнинг амалдаги таҳрири 2000 йилда қабул қилинган бўлиб, унга 2006, 2007, 2011 ва 2013 йилларда ўзгартишлар киритилган. Янги қоидалар мамлакатда охирги йилларда содир бўлган ўзгаришларни, шу жумладан, транспорт воситаларининг кўпайганини ҳам акс эттириши таъкидланмоқда.

Қоидаларга киритилаётган асосий ўзгартишлардан бири Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимиятларига аҳоли пунктларида 70 км/соатдан ортиқ тезлик белгилаш ҳуқуқининг берилишидир. Агар йўл шароитлари катта тезликда хавфсиз ҳаракатланишни таъминласа, бундай ҳудудларда юқорида кўрсатилганидан тезроқ ҳаракатланиш тартиби белгилаб берилиши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, янги қоидаларда уй-жойларда ва уларга ёндош ҳудудларда (уй бинолари ўртасидаги ер участкалари) транспорт тезлиги 30 км/соатдан ошмаслиги лозимлиги белгиланган.Болалар гуруҳларини ташкилий равишда ташиш фаолиятини амалга ошираётган транспорт воситалари тезликни 60 км/соатдан оширмаслиги талаб этилади.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Ўзбекистон аҳоли жойларда рухсат этилган тезлик бўйича энг юқори кўрсаткичлардан бирига эгадир. Европа давлатларида, кўпгина ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 50 км/соатдан ошмайди.Шунингдек, янги таҳрирдаги ЙҲҚда навигаторлар ва видеорегистраторлардан фойдаланиш масаласи тартибга солингани айтилмоқда.

Бундан ташқари, янги қоидага кўра, ҳайдовчи йўловчиларни хавфсизлик камарларини (мотоцикл ёки мопедда бўлганида эса хавфсизлик шлемларини) тақиш заруратидан огоҳлантириши талаб қилинади.Сутканинг қоронғи қисмида ёки йўлни кўриш шароитлари чекланган жойда мажбурий тўхтаган машина ҳайдовчиси таъмир учун йўл четига воситани олиб ўтиш олдидан ёруғлик қайтарувчи нимча кийиши шарт бўлади.

Эндиликда автобус ва маршрутли транспорт воситаларида, шунингдек, мотоцикл ва мопедларда яқин масофа чироқлари сутканинг ёруғ соатларида ҳам ёқилган туриши шарт бўлади.Велосипедлар, ёруғлик қайтаргичлардан ташқари, олдинда чироқ ёки оқ рангли фара билан, орқада эса қизил рангли фара билан жиҳозланиши керак. Мопед ҳайдовчиларига мотошлем тақмасдан юриш тақиқланади.

Шунингдек, қоидаларга йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишини автоматлаштирилган махсус воситалар ёрдамида фото ва видеода қайд қилиш тушунчаси киритилган.
ЙҲҚ структураси жиддий ўзгармаган, лекин эндиликда унинг пунктлари бошқача рақамланган – 1дан 186гача (илгари – 1.1дан 28.10гача). Йўл белгиларини рақамлаш тартиби ўзгармади.

Хабарномада таъкидланишича, янги қоидалар ИИВнинг расмий сайтида чоп этилади, барча ўзгаришлар ОАВ орқали тушунтириб берилади. Бундан ташқари, ой давомида янги таҳрирдаги ЙҲҚ босма тарзда чоп этилиши кутилмоқда.