Япония ОАВларининг маълум қилишича, Panasonic компанияси Хитойда электромобиль ва гибрид автомобиллар учун литий-ионли аккумуляторлар ишлаб чиқарувчи биринчи завод қуришни режалаштирмоқда.

Заводни қуриш билан Panasonic Хитойдаги ҳамкори билан ташкил этган қўшма корхона шуғулланади ва унинг нархи 412 млн долларни ташкил қилади. Завод Хитойнинг шимоли-шарқидаги Далянь шаҳрида қурилади. Заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати йилига 200 минг дона аккумуляторни ташкил қилади. Дастлабки маълумотларга кўра, завод 2017 йилда ишга туширилади. Panasonic, шунингдек, Хитойда ноутбуклар учун батареялар ишлаб чиқарувчи корхонага эга.

Хитой ҳукумати экологик тоза транспорт воситаларини ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватламоқда, чунки мамлакат автомобиль ва корхоналар томонидан ҳавонинг ифлосланишидаги катта муаммоларга дуч келган. “Синьхуа” агентлиги маълумотларига кўра, Хитойда 2015 йилнинг 9 ойида атроф-муҳитни мунтазам равишда ифлослантириб келган 17 мингта корхона ёпилган.

Panasonic автомобиллар учун литий-ионли батареялар ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик корхона ҳисобланади, унинг бу тармоқдаги улуши жаҳон бўйича 45,7 фоизни ташкил қилади.