Россия президенти Владимир Путин Россия Федерал хавфсизлик хизмати томонидан қурол ва жисмоний куч ишлатилиши қоидалари тўғрисидаги қонунни имзолади, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

Жумладан, ФХХ ходимларига аёллар, ногиронлар ва балоғатга етмаганларга нисбатан, улар қуролли қаршилик кўрсатган ёки ҳужум қилган ҳоллардан ташқари, шикастлаш мақсадида қурол қўллаш тақиқланади.

Шунингдек, ФХХ ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига хорижда ҳисоб рақамларига эга бўлиш ва хорижий молиявий инструментлардан фойдаланиш тақиқланади.

Аввалроқ Давлат думаси томонидан қабул қилинган ФХХ ҳақидаги қонун махсус хизмат ходимларига фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита таҳдид солинган вазиятда огоҳлантиришсиз қурол қўллаш ҳуқуқини бериши маълум қилинганди.