Қозоғистоннинг республика ва вилоят аҳамиятидаги йўлларида бўрон ва йўлларнинг музлаши туфайли мураккаб вазият юзага келди: йўлларда улкан тирбандликлар ҳосил бўлиб, одамлар қор уюмлари исканжасида қолдилар. Бу ҳақда nur.kz портали хабар бермоқда.

Қарағанда вилояти фавқулодда вазиятлар қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, авария-қутқарув ишларини ўтказиш учун маҳаллий ижроия органлари, Қозоғистон ИИВ фавқулодда вазиятлар қўмитаси ва йўл ташкилотлари куч ва воситалари Оқтўғай, Бухор-Жирау, Шет, Жанаарқин, Қарқаралин, Ўсақаров ва Улитау туманлари автомобиль йўлларига жалб қилинганлар. 

Шу вақт ичида қор уюмларидан 337 тага яқин енгил ва юк машинаси ҳамда 20 та автобус чиқариб олинган, 188 кишининг ҳаёти қутқариб қолинган, 365 киши эвакуация қилинган.

Баъзи одамлар йўлларда тирбандликлар туфайли бир неча кунга қолиб кетдилар. Мисол учун, Балхашда одамлар маҳаллий интернат биносига жойлаштирилдилар. Улар учун иссиқ егулик ташкил этилди.

Гувоҳларнинг  маълум қилишича, Балхаш-Қарағанда трассасида одамлар 3 кунлаб қолиб кетмоқдалар, ёқилғи ва егулик тугаш арафасида. Яқин орадаги кафелар ўз маҳсулотларига нархни 3 баробарга кўтариб юборган.

Юзага келган вазият туфайли Абай тумани ҳудудида маҳаллий кўламдаги фавқулодда вазият тартиби эълон қилинди.

Ҳокимиятлар томонидан жабр кўрган аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш ташкил этилган.   

Шарқий Қозоғистонда трассалар тўлиқ қор остида қолган ва қор қатлами баландлиги 2 метрга етмоқда. Фавқулодда вазиятни бартараф этиш учун Кўктепа туманининг 9 та қишлоғида деҳқончилик хўжаликларининг техникаси жалб қилинган.

Ҳудудларда ҳаётни таъминлаш мақсадида 9 та тиббиёт пункти, 18 та савдо нуқтаси ишламоқда. Бироқ 7 та аҳоли пунктида катта қувватли қор тозаловчи техника мавжуд эмас ва маҳаллий ижроия идоралари деҳқончилик хўжаликлари билан йўлларни тозалаш бўйича шартномалар тузмоқдалар.

Бундан ташқари, ёмон об-ҳаво шароити транспорт воситалари ишини ҳам мураккаблаштирди. Кучли шамол, бўрон, кўриш даражаси пасайгани туфайли авиарейслар бекор қилинмоқда, кўплаб трассалар беркитиб қўйилди. Бу кунларда йўловчиларни ташиш бўйича асосий юклама темир йўлчилар зиммасига тушмоқда.