Россия бош вазири Дмитрий Медведев Туркия компанияларининг Россия ҳудудида олиб бориши тақиқланадиган фаолият турлари рўйхатини тасдиқлади. Ҳужжат ҳукумат сайтида эълон қилинди.

Рўйхатга қуйида фаолият турлари киритилди: бинолар, муҳандислик иншоотлари қуриш, ихтисослаштирилган қурилиш ишлари; туристик агентликлар ҳамда туризм соҳасида хизмат кўрсатувчи бошқа ташкилотлар фаолияти; меҳмонхоналар ва турдош хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар фаолияти; давлат ва муниципал эҳтиёжлар таъминоти учун хизмат кўрсатиш; ёғочни қайта ишлаш.Ҳужжат 2016 йил 1 январидан кучга киради. Имзолаб бўлинган шартномаларга нисбатан ҳужжат амал қилмайди.