"Челси" жамоасининг бельгиялик дарвозабони Англияни тарк этиб, Испанияга, Мадриднинг "Реал" жамоаси таркибига бориб қўшилиш ниятида эканини билдирган. Бу ҳақда OK Diario нашри хабар тарқатди.

Манбанинг "Реал" жамоаси раҳбариятидаги шахслардан бирига асосланиб хабар қилишича, Куртуа Мадридга қайтмоқчи. Лекин бу сафар "Атлетико" сафида эмас "Реал" сафида ўйнамоқчи. Манбанинг айтишича, бу ёш футболчи ҳали "матрасчилар" сафида бўлган вақтидалигидаёқ қироллик жамоасида ўйнашни орзу қилган.

Қайд этиш керакки, "Реал" жамоаси Англиядаги бошқа бир маҳоратли дарвозабонлардан бири, "Манчестер Юнайтед"нинг испаниялик дарвозабони Давид де Хеа билан шартнома имзолашни режалаштирган. Хабарда айтилишича, жамоа ҳар икки дарвозабонни ҳам трансфер қилиб, айни вақтдаги дарвозабони Кейлор Навас билан ҳамкорликни бекор қилиши мумкин.