АҚШ махсус хизматлари икки йил муқаддам президент Барак Обама бу каби амалиётларни тўхтатишга ваъда берганига қарамасдан, дўстона давлатлар етакчиларининг махфий суҳбатларини тутишга ҳаракат қилди, деб ёзмоқда Wall Street Journal нашри.

Газетанинг электрон нусхасида эълон қилинган мақолада келтирилишича, бу каби етакчилар рўйхатида Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон номи ҳам бор.

Газета ўз исмини ошкор қилмаган Қўшма Штатлардаги собиқ ва амалдаги лавозим эгаларининг маълумотларига асосланиб хабар қилишига кўра, Вашингтон бу ишларни Эроннинг ядро дастури бўйича келишувга эришиш мақсадида олиб борган.

Жумладан, махсус хизматлар Нетаньяху ва унинг ёрдамчилари ўртасидаги суҳбатларини тинглаган. Бу эса кейинроқ икки АҚШ ва Исроил ўртасида ишончсизликни келтириб чиқариб, сиёсий “мина майдони”ни юзага келтирган. Нашр маълумотларига кўра, бу жараён Исроил расмий шахсларининг Америка қонуншунослари ва АҚШдаги яҳудий ташкилотлари етакчилари билан бўлиб ўтган мулоқотларга ҳам тааллуқли.

Обама маъмуриятида ёпиқ эшиклар ортида Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА) “кузатуви”га алоқадор бўлмаган етакчилар рўйхати шакллантирилган. Газета маълумотига кўра, мазкур рўйхатга Франция президенти Франсуа Олланд, Германия канцлери Ангела Меркель ва бир қатор НАТОга аъзо давлатлар раҳбарлари ўрин эгаллаган. Бироқ ҳар эҳтимолга қарши, рўйхатга уларнинг бош маслаҳатчилари номи киритилмаган.

Нашрнинг қайд этишича, Оқ уй МХАга бошқа маҳкамалар билан қайси разведка маълумотларни бўлишишни ўз ихтиёрига топширган. Бу эса энг кераксиз вақтда ошкор бўлиб, Вашингтонни ноқулай ҳолга солиб қўядиган ҳужжатларни босди-босди қилишга имкон туғдиради.