Яқинда Марказий Осиё давлатларида 9 йилдан буён биринчи марта Япония ҳукумати раҳбари Синдзо Абэ бўлиб, минтақанинг барча беш мамлакатида бўлди. Мазкур учрашувлар натижасида иқтисодий ва гуманитар соҳаларда бир қанча келишувлар имзоланди. Япония яқин 5 йил ичида минтақага 25 млрд доллар йўналтириши эълон қилинди.

Синдзо Абэ турнеси таҳлилчиларнинг ва экспертларнинг диққатини ўзига тортди. Улар Япониянинг бу минтақадаги асл мақсадларини аниқлашга тиришишди. Иқтисодий жиҳатдан бу ерда иккита асосий куч етакчилик қилади – Россия ва Хитой.

Капитал киритмалари кўламига кўра Хитой 6 йилдан буён Россиядан олдинда бормоқда. Хитой ёқилғи-нефть компанияларининг тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 25.3 млрд долларни ташкил қилади, аммо уларнинг 90 фоизи Қозоғистон нефть-газ секторига йўналтирилган. Хусусан, CNPC Қозоғистоннинг бу секторига 12 млрд доллар пул ажратган, яна 6.2 млрд доллар Қозоғистон ҳудудидан Марказий Осиё ресурсларини Хитойга етказиш учун қувурлар ўтказишга йўналтирган.

Шу мақсадларда Ўзбекистонга ҳам 1.7 млрд доллар ажратилган. Бундан ташқари, Sinopec Қозоғистон углеводородларига 1.4 млрд доллар ажратди. Бу ХХР Марказий Осиёга хом ашё манбаси сифатида қараётганидан далолат беради, деб ҳисоблайди экспертлар.


Хитой компаниялари, шунингдек, Тожикистонда ҳам фаол ишламоқда, аммо бу ҳолатда улар Тожикистон фирмаларига бевосита инвестициялар киритмай, узоқ истиқболли кредитлар ажратиш билан кифояланмоқда.
Россиянинг тўғридан-тўғри хорижий инвестициялари асосий офшор ва бошқа юрисдикциялар орқали кириб келиши боис аниқ ҳисоб-китоб қилинмайди. Россиянинг Марказий Осиёдаги реал капитали ҳажми 14.5 млрд доллар деб чамаланади.

Бу жиҳатдан Россия минтақадаги иккинчи йирик инвестор ҳисобланади ҳамда бошқалардан катта узилиш билан етакчилик қилади. Шу билан бирга, Россия инвесторлари, хитойлик ҳамкасблари сингари, асосан Қозоғистонда ишлашни маъқул кўради: Россиянинг Қозоғистондаги инвестициялари ҳажми 9 млрд долларни ташкил қилади.

Улардан кейинги ўринларда минтақада АҚШ ва Жанубий Корея туради, лекин ушбу давлатларнинг инвестициялари юқоридагилардан анча камдир. Япония компаниялари яқин пайтгача асосан Россияда фаолият юритар, Марказий Осиёга эса деярли қизиқиш билдирмас эди. Фақат иккита лойиҳадаги иштироки кўзга ташланади: Қочағон конида портфелли инвестор сифатида Япониянинг Inpex корпорацияси ишлаган бўлса, Sumitomo Қозоғистоннинг Оқмўла вилоятида рангли металлургия лойиҳасини амалга оширмоқда.

Аммо Марказий Осиё салоҳияти ҳамда кўпчилик секторларда рақобатнинг кучсизлиги Япония корпорацияларини ўз хатти-ҳаракатларини қайта кўриб чиқиб, фаолроқ ишлашга ундамоқда. Эркин капитал бўлганида, сиёсий ҳамкорлик кучайган бир паллада япониялик бизнесменлар ушбу вазиятдан фойдаланиб қолишлари зарур, деб ҳисоблайди Евросиё тараққиёт банки интеграцион тадқиқотлар маркази директори Евгений Винокуров.

Япониялик инвесторлар биринчи навбатда хом ашё ресурсларига қизиқиш билдирмоқда. Аммо ёқилғи комплексида ўз улушини кўпайтириш мураккаб кечади, негаки бу ерда улар Россия ва Хитой компаниялари билан рақобатлашишига тўғри келади. Шу боис Япония Марказий Осиёнинг ички бозори билан шуғулланиши мумкин. Жумладан, машинасозлик комплексига маблағ киритиш ўзини оқлаши мумкин. Инфраструктур лойиҳалар ҳам истиқболли деб баҳоланмоқда.

Винокуровнинг фикрича, Синдзо Абэнинг ташрифида Япония ва Хитой рақобати кўринади, аммо бу рақобат жуда жиддий эмас. Япония корпорациялари биринчи ўринга иқтисодий сабаблар мажмуини қўймоқда, бу эса арзон капиталнинг мавжудлиги ва Марказий Осиё бозорларидаги рақобатнинг кусчизлигидир.

Винокуров Япониянинг минтақага кириб келиши Россия учун жиддий йўқотишларни олиб келмаслигини таъкидламоқда. Жумладан, нефть соҳасида Россия компанияларининг ишлари яхши кетмоқда. Бошқа томондан эса, минтақада Россия иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга кўпроқ эътибор талаб этилади.

Улар узоқни кўзлаб тузилган стратегия доирасида ривожлантирилиши лозимлиги экспертлар томонидан таъкидланмоқда. Ҳозирча Марказий Осиё давлатларида ривожланиш банклари, савдо уйлари, ваколатхоналар, филиаллар очиш ва ҳамкорликни янада жонлантириш етишмаяпти, деб хулоса қилади россиялик мутахассис.

Элдор Асанов тайёрлади