Аввалги йил анъаналарига кўра Буюк Британиянинг Financial Times газетаси 2016 йилда дунё қандай кўриниш олиши ҳақидаги ўз тасаввурини тақдим қилди. Британ ишбилармон доиралари нашрининг прогнозлари турли соҳалар – АҚШдаги президентлик сайловлари натижалари ва нефть нархидан тортиб  Францияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича Европа чемпионатини ҳам ўз ичига олган. Қуйида шундай прогнозлардан бир нечтаси келтирилган.

Хиллари Клинтон АҚШ президенти лавозимига сайловларда ғолиб бўлади

Нашр мутахассисларининг фикрича, 2016 йилги АҚШдаги президентлик сайловларида Демократик партия вакили Хиллари Клинтон ғолиб бўлади. Клинтон муросасиз курашда ўзининг республикачи рақиби Тед Крузни ортда қолдиради. Демократлар АҚШ Конресси сенатида кўпчилик ўринни ўзларига қайтариб олишади.

Буюк Британия Европа Иттифоқи таркибида қолади

Европага шубҳа билан қарайдиганларнинг Буюк Британиянинг Европа Иттифоқини тарк этиши учун амалга оширадиган барча саъй-ҳаракатларларига қарамасдан, Бирлашган Қироллик ЕИ таркибида қолади. Бу референдум натижасида содир бўлади. “Буюк Британия Европа Иттифоқида қолиш учун овоз беради”, деб айтмоқдалар газета экспертлари.

Нефть нархи 50 доллардан ошади

2016 йилда нефть нархи 50 доллардан ошади. “Нефть ишлаб чиқарувчиларнинг молиявий томондан азият чекиши уларни бир қатор лойиҳалардан бош тортиш ва бурғилаш дастурларини қисқартиришга мажбур қилади, бу ўз навбатида нефть етказиб бериш ҳажмининг камайишига олиб келади ва бунинг натижасида нефть нархи ошади”, деб айтилмоқда газетада.   

Бельгия футбол бўйича 2016 йилги Европа чемпиони бўлади

Таҳлилчилар Францияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича Европа чемпионатини ҳам четлаб ўта олмадилар. Газета мусобақада ФИФАнинг охирги рейтингларига кўра, жаҳоннинг энг яхши жамоаси – Бельгия терма жамоаси ғолиб бўлишига ишонмоқда. “Бу кичик давлат юқори даражадаги бир қатор футболчиларни етиштирди. Улар орасида Эден Азар, Кевин де Брюйне ва Ромелу Лукаку бор.   

Россиялик енгил атлетикачилар 2016 йилги Ёзги Олимпиадада қатнашади 

Газетанинг фикрича, допинг можаросига қарамасдан, енгил атлетика бўйича Россия терма жамоаси Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтадиган 2016 йилги Ёзги Олимпиадада қатнашади. “Бразилияда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун россияликлар қатъий чоралар қабул қилиши ва спортини тартибга солиши керак бўлади”, деб таъкидланмоқда газетада.