Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий Туркия мамлакатнинг шимолий қисмидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш келишуви шартларига амал қилмаётганини айтди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Ал-Ободийнинг таъкидлашича, Туркия делегацияси Ироққа ташрифи доирасида Туркияга қайтгандан кейин қўшинларни олиб чиқиб кетишини эълон қилишга ваъда берган, бироқ “Туркия ҳукумати ушбу келишувга ҳурматсизлик билан муносабат билдирмоқда”.

Бундан ташқари, ал-Ободий Туркия ҳукуматидан Ироқдан ўз қўшинларини зудлик билан олиб чиқиб кетишини эълон қилишини талаб қилди.

Аввалроқ Ироқ Туркиядан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишни талаб қилганди. Ироқ ташқи ишлар вазири Иброҳим ал-Жафарий “агар уруш хавфи юзага келса, Ироқ ўз даҳлсизлиги, фуқаролари ва захираларини ҳимоя қилишини” айтган.