Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Сайфутдинович Эрматов «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланди. Бу ҳақдаги Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг фармони 31 декабрь куни имзоланди.

"Мамлакатимизнинг спорт соҳасидаги шон-шуҳратини юксалтириш, халқаро майдонда ўзбек футболи нуфузини ошириш, миллий футбол ҳакамлари мактабини ривожлантириш борасидаги катта хизматлари ҳамда ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун Ўзбекистон футбол федерациясининг халқаро тоифадаги ҳаками, ФИФА рефериси Равшан Сайфиддинович Ирматов “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотлансин", дейилади фармонда.