Россияда Туркия билан ишлаётган 19 та сайёҳлик компаниясига ишлаш тақиқланди

Жаҳон 31 Декабрь 2015 3188

Ростуризм туркиялик ҳамкорлар билан ишлаётган бир қатор туроператор компанияларни рўйхатдан чиқариб ташлади. Гап 19 та сайёҳлик компанияси, жумладан “Пегас Туристик”, “Анекс” ва “Корал Тревел” гуруҳлари компаниялари ҳақида кетмоқда. Бу ҳақда 30 декабрда ТАСС ахборот агентлиги маълум қилди.

Ушбу қарор 2016 йил 1 январдан кучга киради. У Россия президентининг Туркияга қарши махсус иқтисодий чоралар қўллаш ва Вазирлар маҳкамасининг Туркия фуқаролари томонидан назорат қилинувчи ташкилотларга алоҳида ишлар турларини тақиқловчи қарорига кўра қабул қилинган.

Рўйхатдан чиқариб юборилганлар орасида “Пегас” гуруҳининг 10 дан кўпроқ компанияси, жумладан Қозон, Уфа, Самара, Екатеринбург, Пермь ва Хабаровскдаги филиаллари бор. Бундан ташқари, “Анэкс Регионы”, “Анекс Тур Москва”, “Корал Тревел”, “Бентур Москва” ва “Санмар Тур” компаниялари ҳам рўйхатдан истисно қилинди.

Россия қонунчилигига кўра, рўйхатдан чиқариб юборилган компаниялар Россия ҳудудида сайёҳлик фаолиятини олиб боролмайди.

Бу орада “Пегас Туристик” бош директори Анна Подгорнаянинг айтишича, “бу қарор сайёҳларга таъсир қилмайди”. Подгорнаянинг таъкидлашича, компания рўйхатдан чиқариб юборилиши сабабларини ўрганиб чиқиб, шундан кейин зарурий чоралар кўради. “Эҳтимол, Ростуризмга қандайдир ҳужжатлар етиб бормагандир, агар шундай бўлса, биз уларни қайтадан юборамиз”, деб айтди Подгорная.

28 ноябрда Владимир Путин Туркияга нисбатан чекловчи иқтисодий чоралар қўллаш ҳақидаги фармонни имзолаган. Унга кўра, туроператорлар фуқароларга Туркияга боришни кўзда тутувчи турларни сотишдан ўзларини тийишлари кераклиги кўрсатилган.

Кўпроқ янгиликлар