Ўтган ҳафтадан Нидерландияда фақатгина WePod ҳайдовчисиз электроавтобуслари ҳаракатланадиган янги йўналиш ишга туширилди. Янги транспорт воситаси тўлиқ автоматлаштирилган ва рул бошқарувига эга эмас. Автобус ҳаракатланиш вақтида йўналишнинг батафсил хариталари, камералар, радар ва лазер датчиклардан олинадиган маълумотларга таянади. Буларнинг барчаси йўлдаги вазиятга ўз вақтида жавоб беришга имкон беради.

WePod кабинаси автоматик очиладиган эшик, ногиронлар аравачаси учун кўтаргич ва 6 йўловчи ўриндиғи билан жиҳозланган. Электроавтобус тўла қувватланиш билан 100 км йўл боса олади. Унинг максимал тезлиги 40 км/соатни ташкил қилади, бироқ бу тезлик Европада рухсат берилган 25 км/соатгача туширилади.

Автобус ҳозирча синовдан ўтказилаётгани сабабли йўналиш узоқлиги 200 метрни ташкил қилмоқда. Бунда унинг ҳаракатланиш тезлиги 8 км/соатгача туширилган.

Йўловчилар ташиш Вагенинген йўлларида ҳайдовчисиз, бироқ операторнинг кузатувида амалга оширилмоқда.

WePod синовдан ўтгач, Вагенинген ва Эдэ шаҳарлари ўртасида ҳаракатланишни бошлайди.

Йўловчилар мобиль қурилмалар дастури ва бекатлардаги терминаллар орқали бу автобусларда юриш учун олдиндан буюртма беришлари мумкин бўлади.