Шанхайда жойлашган Icona компанияси шаҳар учун мўлжалланган, асимметрик дизайнга эга Neo электромобили прототипини намойиш қилди. Ўтган ёзда компания кузови карбон ва титандан ишланган Vulcano суперкарини яратганди.

"Нео" шундай лойиҳаланганки, унинг чап томонида фақатгина битта ҳайдовчи эшиги, ўнг томонида иккита эшик бор. Бунга йўловчиларнинг хавфсизлиги мақсадида қарор қилинган: улар ҳар доим автомобилнинг ўнг томонидан, яъни йўлнинг қатнов қисми томондан эмас, балки тротуар томондан тушадилар.

Icona Neo 3,4 метр узунликка, 1,63 метр энга, 1,5 метр баландликка эга. Янги моделнинг ғилдираклар базаси 2,2 метрга тенг.

Хэтчбек ғилдиракларига ўрнатилган электродвигателлар ёрдамида ҳаракатланади. Уларнинг умумий қуввати 28 от кучини ташкил қилади. "Нео"нинг максимал тезлиги 120 км/соатни, шаҳар шароитида юриш захираси 150 кмни ташкил қилади.

Прототип 720 кг оғирликка эга. Улардан 130 килограми двигателларга тўғри келади. Аккумуляторлар тўплами оғирлиги 90 кг ни ташкил қилади.