WhatsApp интернет-компанияси смартфонлар учун ўзининг оммавий мессенжери WhatsApp’ни янгилаш устида катта иш олиб бормоқда. Бу янгиланиш доирасида дастур 50 та янги функция ва имконият билан таъминланади.

Вазиятдан хабардор хорижий манбаларнинг маълум қилишича, дастурнинг 2.12.14 индекси билан чиқадиган янги версияси устида бир ойдан бери иш олиб борилмоқда.

Дастурчилар мессенжер фойдаланувчиларининг барча истакларини инобатга олиб, мессенжерда аввал бўлмаган янги функцияларни қўшишмоқда.

Барча функциялар бирданига татбиқ қилинмайди, балки мессенжер учун кичикроқ қўшимчалар чиқиши билан пайдо бўлиб боради.
Бу функциялар орасида WhatsApp’нинг iOS операцион тизими учун бошқа дастурлар билан уйғунлашиши, ички браузер, турли форматдаги ҳужжатларни кўриш имконияти, шикастланган файлларни тиклаш, бир қатор визуал ўзгаришлар энг муҳимлари бўлади.

Бундан ташқари, WhatsApp янгилангандан кейин унда мессенжерга ҳар йиллик пуллик обуна бўлиш ҳақидаги барча эслатмалар йўқолади. Бу тўлов январь ўрталаридан бекор қилинди ва мессенжер мутлақ бепулга айланди, бироқ ҳозирча тўловни амалга ошириш зарурлиги ҳақидаги эслатмалар ҳамон чиқиб турибди, деб ёзмоқда vistanews.ru.