Британиялик қўшиқчи Адель ўз қўшиқларини АҚШ президенти лавозимига номзод, миллиардер Дональд Трампга президентлик кампаниясида ишлатишига рухсат бермади, деб хабар бермоқда The Independent нашри.

Нашрнинг маълум қилишича, Аделнинг Rolling In The Deep хит ашуласи Трампнинг сайловолди тадбирларида пайдо бўлишидан олдин мунтазам янграган. Трамп, шунингдек, Аделнинг Skyfall ашуласидан ҳам фойдаланган.

Трамп Аделнинг мухлиси ҳисобланади, 2015 йилда унинг Нью-Йоркдаги концертига ташриф буюрган. Қўшиқчининг мухлислари унинг қўшиқлари Трамп томонидан ишлатилаётганидан норозилик билдиришган.

Аделнинг матбуот котиби қўшиқчи ҳеч қандай сиёсий тадбирларда ўз қўшиқларидан фойдаланишга рухсат бермаганини маълум қилди.

Бу ҳолат биринчиси эмас: Aerosmith гуруҳи етакчиси Стивен Тайлер ҳам Трампга ўзининг Dream On қўшиғини, REM гуруҳи хонандаси Майкл Страйп эса Трамп ва сенатор Тед Крузга It's the End of the World as We Know It (And I Feel Fine) қўшиғини ишлатишни тақиқлаган.

1984 йилда хонанда Брюс Спрингстин ўзининг Born in the USA қўшиғини Рональд Рейган томонидан ишлатилишига қарши бўлган.