"Зенит" ўзининг етакчи ҳужумчиси Халк билан хайрлашмоқчи эмас. Жамоа хитойликлар жамоаси томонидан берилган таклифга рад жавобини қайтарган. Бу ҳақда "Спорт день за днем" нашри хабар берган.

Бундан олдинроқ Хитойнинг "Гуанчжоу" клуби бразилиялик футболчи учун 30 миллион евро беришга тайёрлиги ҳақида хабар қилинганди.

Бу таклифга кўра хитойликлар футболчининг ўзига ҳам "Зенит"да олаётганидан кўра анча кўп маош назарда тутилганди.

Маълумот учун, Халкнинг питерликлар билан шартномаси 2019 йилгача амалда бўлади. "Зенит" 2012 йилда унинг трансфери учун "Порту"га 60 миллион евро тўлаган. У питерликлар сафида Россия чемпионатида 134та ўйин ўтказган ва 65та гол урган. Унинг жорий мавсумдаги кўрсаткичи 8та гол ва 14та голли узатма.