Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Зинедин Зидан Испания чемпионатининг «Эспаньол»га қарши (6:0) учрашувидан кейин ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Бу бизнинг энг яхши ўйинимизми, йўқми буни билмайман, лекин мен тўлиқ қониқиш ҳосил қилмоқдаман. Айнан ўзгариш кузатилганига ишончим комил эмас, бироқ қайсидир ўринларда биз бошқачароқ ўйнай бошладик. Биз нормал ҳолатга келдик.

Бизнинг вазифамиз — ҳар битта учрашувда иложи борича яхши натижа кўрсатиш ва мавсум охирида чемпионлик учун имкониятга эга бўлиш. «Барселона» билан орадаги фарқ 4 очкодан 7 очкогача ошган тақдирдаям (каталонияликларда битта ўйин захирада бор – Kun.Uz) охиригача олға боришга ҳаракат қиламиз. Вазият осон эмас, аммо биз ўзимиз учун зарур бўлган совринни қўлга киритиш учун бор имкониятни ишга солишимиз керак. Ҳа, албатта бу қийин бўлади, бироқ иложсиз нарсанинг ўзи йўқ», дея гапириб ўтган Зидан.