2 февраль – Жаҳон сувли-ботқоқли ҳудудлар кунига бағишланган давра суҳбати ўтказилди

Ўзбекистон 02 Февраль 2016 1195

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Экоҳаракат депутатлар гуруҳи, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Қушларни муҳофаза қилиш жамияти ҳамкорлигида 2 февраль – Жаҳон сувли-ботқоқли ҳудудлар кунига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

ЎзА хабарида келтирилишича, сайёрамизда биологик хилма-хилликни асраш, озиқ-овқат тўкинлигини таъминлашда сувли-ботқоқли ҳудудларнинг аҳамияти беқиёсдир. Уларни муҳофазалаш мақсадида 1971 йил 2 февраль куни Эроннинг Рамсар шаҳрида халқаро конвенция қабул қилинган. Ушбу конвенцияга бугунги кунда бир юз етмишга яқин давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам аъзо.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Б.Алихонов ва бошқалар мамлакатимизнинг сувли-ботқоқли ҳудудлари ўзига хос флора ва фаунаси билан ажралиб туриши, уларни асраш ва кенгайтиришга улкан эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Шундай ишлар самарасида Бухоро вилоятидаги Денгизкўл, Жиззах ва Навоий вилоятларидаги Айдар-Арнасой кўллар тизими Рамсар конвенциясининг халқаро аҳамиятга эга бўлган сувли-ботқоқли ҳудудлари рўйхатига киритилди. Давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудлар майдонини кенгайтиришга йўналтирилган бундай илмий-амалий лойиҳалар кўлами кенгаймоқда.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ахборот хизмати, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Журналистлар уюшмаси, Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва бошқа давлат ҳамда жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилган республика экологик журналистика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур танловда юздан ортиқ журналист тўрт юздан зиёд ижодий иш билан иштирок этган.

Танлов ғолиблари ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Кўпроқ янгиликлар