Apple бренди яна бир бор дунёнинг энг қимматбаҳо бренди мақомини ўзида сақлаб қолди. Бу бренд Brand Finance Global 500 рўйхатида етакчилик қилган.

RNS сайти хабарига кўра, 2016 йил арафасида Apple бренди баҳоси 13,7 фоизга қимматлашиб, 145,9 млрд долларни ташкил қилган. Ўтган йилда бренд баҳоси 128,3 млрд доллар бўлганди. Бу ўсишга iPhone 6 ва iPhone 6s маҳсулотларининг муваффақият қозониши сабаб бўлган. Apple компаниясининг биринчи молиявий чоракдаги (2015 йилнинг 26 декабрида якунланган) даромади 18,4 миллиард долларни ташкил этган.

Иккинчи ўринни Google эгаллади — бренд қиймати 22,8 фоизга ўсди ва 94,1 млрд долларни ташкил этди.

Учинчи ўринда Samsung жойлашган. Бу бренднинг баҳоси атиги 1,8 фоиз ўсишга эришиб, 69,6 млрд доллар бўлган.

500талик рўйхатда IT-компаниялар ҳамда интернетга алоқаси бўлмаган Burberry, Gucci, Ralph Lauren, Audi, Land Rover, Dove, IKEA ва Nestle каби брендларни ҳам кўриш мумкин.