Жаҳон миқёсида нефть нархининг тушиб бораётгани Саудия Арабистонини қарз бозорига чиқишга ва облигациялар чиқаришга мажбур қилмоқда, деб ёзади Financial Times нашри. Боз устига, таъкидланишича, Сурия ва Ямандаги ҳарбий операция қироллик бюджетига қўшимча оғирлик туғдирмоқда.

Саудия Арабистони бюджетининг даромад қисми 73 фоизга нефть савдоси асосида шакллантирилади. 2015 йил якунларига кўра нефть нархининг тушиши оқибатида қиролликнинг валюта захиралари 97 млрд долларга қисқариб, эндиликда 640 млрд долларни ташкил қилмоқда. 2014 йилда бюджет камомади ЯИМнинг 1.6 фоизини ташкил қилган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 50 фоизга тенглашиши мумкин.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Саудия Арабистони чиқарадиган облигациялар ҳажми ва уларнинг даромад даражаси уч омилга боғлиқ бўлади: нефть нархи, мамлакат олтин валюта захираси ва бозордаги ўзгарувчанлик. Агар барча йўналишлардаги босим тушса, Риёднинг жаҳон қарз бозорига кириши муваффақият келтириши мумкин, акс ҳолда саудияликлар юқори фоизларда бир неча миллиард қарз олиш билангина чекланишади.