Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова Sayyod.com сайтига берган интервьюсида газета ва журналларнинг санъаткорлар билан муносабатларидаги айрим жиҳатларни танқид остига олди, шунингдек, журналларнинг сифатига баҳо бераркан, ҳожатхонага қоғозига ишора қилиб ўтди.

“У журнал ҳар ҳафта чиқадиган латта қоғозга ўхшаган газета бўлса, - дейди артист. – Кечирасиз-у, ҳозир туалет қоғозларининг ҳар хил турлари кўпайиб қолди-ку. Бир пайтлар, 86-87-йилларда давлатимизда ҳам бунақа арзон газеталар бўлмасди, журналларнинг обложкаси глянцевий бўларди. “Саодат”иям, ҳаммаси, чиройли бўларди. Биласизми, журналнинг биринчи бетига чиқсангиз пул берасиз, иккинчи бетига мундоқроқ берасиз деган гаплар бўлмасди. “Санъат” деган бир журнал ҳам чиқдида, Гулбаҳор опа, биринчи бетига чиқсангиз фалон пул, иккинчи бетига фалон, деганида, мен айтдимки, пул бериб журналга чиқсам, чиқмайман деганман”.

Шундан сўнг санъаткор ҳожатхона мавзусини давом эттирди: “Нозик жойларга журналларни териб териб қўйишади. Тасаввур қилинг, глянцевий журналда ҳам кимдир чиққан. Агар унда ҳам бирор чиройли арбоб расми чиққан бўлса, кўзга кўринган инсон бўлса, қайси бет билан уни олиб, ёмон... йиртиб отиб юборасиз?”.

“Бир қизимиз жавоб ёзибдилар, бутун дунёда реклама учун. Реклама қиладиган журналлар бошқача бўлади. Унақа мажбурий тиражлар бўлмайди. Масалан, мода учун бўлса, бирорта бир актрисанинг ҳаёти бўладиган бўлса, у журналнинг ўзи камида турганида минг доллар, бир ярим минг доллар туради. Унинг олувчилари маълум бўлади. Софи Лорен бўладими, Ричард Гирми, ким бўлса ҳам, шу журнални кутиб туришади, бутун журнал ўшанга бағишланган бўлади, ҳаётига, у журналдан кечиб бўлмайди. Шунга ҳам талашиб, ичкарига қўяман, ташқарига қўяман, охирги бетининг олдига қўяман дейиш нимага керак? “Даракчи”да бир шунақа бўлувди. Расмингиз, Гулбаҳор опа, шу биринчи бетига сал сиғмаяпти-да, Райҳон билан Улуғбек Отажоновнинг оёғи тагига тушиб қолибсиз, деди. Майли оёғининг тагига тушсам ҳам, жой топилдими, деганман”, - деб сўзларига якун ясади Эрқулова.