"Барселона" клуби ярим ҳимоячиси Андрес Иньеста Испаниянинг 2015 йилги энг яхши эркак спортчиси деб топилди. Бу ҳақда каталонияликлар жамоаси расмий сайтида хабар берилган.

Ўтказилган сўровномада унга "Чикаго" жамоаси баскетболчиси Пау Газоль ва "Ямахи" мотопойгачиси Хорхе Лоренцо асосий рақиблар бўлишган.

"Менга овоз берганларга миннатдорчилик билдираман. Мен бу совринни яхши ва ёмон кунларда ишонч билдирган ва қўллаб-қувватлаганларга бағишлайман. Бу албатта, яхши меҳнатнинг самарасидир.

Йил ажойиб ўтди. Ғалаба қозониш ва муваффақиятларни такрорлаш жуда қийин иш. Биз янада кўпроқ ғалаба қозониш учун ҳаракат қиламиз", — деган Иньеста.

Эслатиб ўтамиз, Иньеста ўтган мавсумда жамоаси билан требль қайд этди. 31 ёшли бу футболчи "Барселона" билан шу вақтгача 26та соврин ютган. У шунингдек, терма жамоа билан бир марта жаҳон чемпиони, 2 марта Европа чемпиони бўлган.