Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Зика вируси авж олиши сабабли халқаро фавқулодда вазиятни эълон қилди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

Таъкидланишича, бу қарор касалликнинг Бразилияда туғма нуқсонлар билан дунёга келаётган минглаб болалар қайд қилинаётгани билан боғлиқ ҳолда тез суръатларда тарқалиши сабабли қабул қилинган.

ЖССТ бу ҳолат дунё давлатларининг касалликни тадқиқ қилиш бўйича ҳаракатларини тезлаштириши керак, деб ҳисобламоқда. Бунгача ташкилот касалликнинг тарқалишига нисбатан етарлича тезкор жавоб бермаётгани учун танқид қилинаётганди.

Зика безгаги ҳомиладор аёллар учун кўпроқ хавф солади, чунки ҳомилада мияни оғир жароҳатловчи микроцефалия касаллигини келтириб чиқаради. Бундай ҳолатлар Бразилияда кўплаб қайд қилинмоқда.