Россия собиқ бош вазири ва ПАРНАС раҳбари Михаил Касьянов фейсбукда уни Рамзон Қодиров "снайпер нишони"га олган ҳолда тасвирлаган видеосига изоҳ берди.

"Буни сиёсий адоват сабабли ўлдириш билан тўғридан-тўғри таҳдид қилиш, давлат ва жамият арбобининг ҳаётига тажовуз, аҳолини қўрқувга солувчи ҳаракатни амалга ошириш истагини оммавий равишда билдириш деб баҳолайман", деб ёзди Касьянов.

Касьяновнинг айтишича, Қодировнинг "мамлакатда авж олаётган ўзгача фикрловчиларга қарши кампания"даги иштироки учун Владимир Путин ҳам жавобгар.

Касьянов ҳуқуқ-тартибот муассасаларига "зарурий шикоят аризаларини" топширмоқчи.

Касьяновнинг эътирозига Рамзон Қодировнинг инстаграмда Касьянов "снайпер нишони"га олинган ҳолда тасвирланган видеони чоп этгани сабаб бўлди. Видео "Касьянов Страсбургга Россия мухолифати учун аталган пулга келди" деб номланган. Қодиров видеога изоҳда "Ким тушунмаган бўлса, тушуниб олади!" деб ёзув қолдирган.