Машҳурлар ҳаётидан: ўзини ва ўзгаларни ўзгартирган Дейл Карнеги

Жаҳон 02 Февраль 2016 8413

У ХХ асрнинг энг муваффаққиятли шахсларидан бири. Унинг китоблари инсонлар учун ўзига хос ҳаёт дарслигига айланиб кетган. Инсон психологиясини қунт билан ўрганган Карнегининг энг устун тарафи ҳаёт ҳақиқатларини оддий ва содда қилиб тушунтириб бера олганидир. Бугунги мақоламиз орқали Дейл Карнеги шахси билан янада яқинроқ танишиб оласиз, деган умиддамиз.

Карнеги 1922 йилда муҳим бир ишга қўл урган. Кейинчалик ўзини машҳур магнат Эндрю Карнеги билан адаштирмасликлари учун ўз фамилиясини ўзгартиради. Шундан бери ҳужжатларда Carnagey нинг ўрнини Carnegie эгаллади.

Америка жамиятшуносларининг 50-йиллардаги тадқиқоти қизиқ хулоса беради. Одамлар тишларининг оқлигига жиддий эътибор бера бошлашганди. Ўша давр Америка ҳаётининг муҳим бир қисмига айланган ТАБАССУМ бунинг сабабчиси эди. Америкаликларнинг табассум қилишга бунчалик муккасидан кетиши эса Дейл Карнегига бориб тақалади. “У ҳеч қанча турмайди, кўп нарсага қодир эмас. У ҳадя қилинган одам бой бўлади, ҳадя қилган одам эса камбағаллашиб қолмайди. Унинг давомийлиги бир лаҳза, аммо хотирамизда абадийга қолади. Уни сотиб олиш, сўраб олиш, қарзга олиш, ўғирлаб олиш беҳуда. Чунки у чин дилдан тақдим этилгандагина қадрли”. Ёзувчи ТАБАССУМ шундай гўзал таъриф берган. Ўз асарларида ҳам шунга ундаган.

Дейлнинг рафиқаси Доротини чинакам ҳаммаслак, десак арзийди. У ҳам хўжайини каби психолоия масалаларига бағишланган кўплаб китоблар муаллифидир. Улардан бирининг номини ўқиб хулоса қилаверинг: “Қандай қилиб эркакнинг ишда муваффаққиятга эришишига ёрдам бериш мумкин?”. Карнеги хоним мазкур саволга жавобни топа олгани аниқ!

Ёзувчи ўз юртдошларига шу маслаҳатни берган: “Қийин вазиятда чўнтагингиздан Линкольн портретини олинг ва уни томоша қилинг!”. Гап шундаки, Авраам Линкольннинг тасвири 5 долларлик купюрада учрайди. Пулга тикилиш, уни санаш инсонга куч бағишлаши бор гап.

Дейл Карнеги узоқ кузатишлардан сўнг шундай хулосага келган: “Нутқда учта нарса муҳим: Ким гапиряпти, қандай гапиряпти, нимани гапиряпти. Энг ҳайратланарлиси, буларнинг ичидаги энг кам аҳамиятлиси ниманинг гапирилаётганидир!”. Моддият кўп ҳолларда асосий ўринга чиқиши инсоният психологиясига хос жиҳат. Афсуски, шундай…
Карнегидан иқтибос: “Танқид почтачи кабутарга ўхшайди. Қачондир албатта қайтиб келади!”. Кимнидир аёвсиз танқид қилишдан олдин шу фикрни эслаб қўйсак, зарар қилмайди.

Карнеги фикрича, инсон бошига тушувчи кўплаб кўнгилсизликларнинг катта қисми “ЙЎҚ” деган сўзни ўз вақтида айтмаслик туфайли келиб чиқади.

Дейл Карнегидан афоризм: “Тортишувларда ғолиб чиқишнинг ягона йўли бор - тортишувлардан қочиш!”

Дейл Карнеги ватанпарвар инсон эди. “Америкалик ҳар бир эркак тўртта санани ёдида сақлаши керак. Рафиқасининг туғилган куни, тўй куни, Америка очилган кун, АҚШнинг мустақиллик куни”. Бундан ташқари ўз телефон рақамида 1492 (Америка кашф этилган йил) сонлар кетма-кетлиги борлигидан фахрланарди.

24 ноябрь АҚШда Дўстлар куни сифатида байрам қилинади. Ўша куни китоб дўконларида Дейл Карнегининг китоблари савдоси авжига чиқади. Биринчидан, Карнеги шу санада таваллуд топган. Иккинчидан, “Қандай қилиб дўст орттириш ва одамларга таъсир ўтказиш” номли жуда машҳур китобнинг муаллифидир.

Карнеги фикрича, нутқни етти хил усул билан тугатиш мумкин: маълум вазиятга қайтариш, ҳаракатга ундаш, тингловчини мақташ, кулдириш, шеърий парча келтириш, муқаддас китоблардан мисол келтириш, кульминация ҳосил қилиш.

Биз ҳам мақоламизга якун ясаймиз! Омон бўлинг, азиз ўқувчи!

Интернет маълумотлари асосида Баҳодир Аноров тайёрлади.

Кўпроқ янгиликлар