Москва шаҳрида маст ҳолатдаги ота-она такси ичида 2 нафар эгизак чақалоғини унутиб қолдирган. Бу ҳақда шаҳар ИИВ сайти хабар берган. Пойтахт полицияси бу чақалоқларни шаҳардаги болалар уйига олиб борган.

"Бу ота-оналарнинг ҳаракати "вояга етмаган фарзандлар тарбиясидаги масъсулиятсизлик" сифатида баҳоланган", дейилади хабарда.

Полиция маълумотига кўра, 1 февраль оқшомида маст ҳолатдаги ота-она Озерний кўчасидаги уйга такси чақиртирган. Улар машинага чиққанларидан кейин ўзаро жанжаллаша бошлашган ва кейин номаълум томонга кетишган. Улар машинанинг орқа ўриндиғида икки чақалоқни унутиб қолдиришган.

Айни вақтда улар қидирилмоқда. Маълум бўлишича, бу эгизакларнинг онаси муқаддам 2 марта фоҳишабозлик билан шуғуллангани учун жавобгарликка тортилган. Бу оиланинг эгизаклардан ташқари 11 ва 14 ёшлардаги 2 фарзанди ҳам борлиги айтилган.