Москвадаги тикув фабрикасида рўй берган ёнғинда ҳалок бўлган муҳожирлар оилаларига товон пули берилмайди, дея хабар бермоқда “Рус ахборот хизмати” “ВТБ Страхование” компанияси матбуот котиби Сергей Усманов баёнотига асосланган ҳолда.

Матбуот котибининг ойдинлик киритишича, меҳнат муҳожирлари учун мажбурий суғурта фақатгина тиббий поликлиникаларга ёрдам кўрсатиш ҳамда оғир касалликлар ёки хасталиклар зўрайганидаги мурожаатларга тааллуқли.

“Бахтсиз ҳодиса сабабли вафот этганликда товон пули тўлаш муҳожирлар учун суғуртага киритилмаган. Меҳнат муҳожири ўз ҳаётини ихтиёрий равишда суғурталаши мумкин”, - деди у. Россия давлат думасининг Меҳнат ва ижтимоий сиёсат қўмитаси аъзоси Михаил Тарасенконинг айтишича, ишлаш учун рухсат олган барча муҳожирлар ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан суғурталанган. Бироқ мазкур ёнғиннинг ишга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Москвадаги йирик ёнғин сабабли ўн нафардан зиёд киши ҳалок бўлган эди. Тахминларга кўра, улар Стромынкада жойлашган тикув фабрикасининг ходимларидир. Қурбонлар орасида ўзбекистонликларнинг ҳам борлиги айтилмоқда.