“Олмалиқ КМК” АЖнинг энг ёш корхоналаридан бири ҳисобланувчи Шахтақурилиш бошқармаси жамоаси 2015 йилни юксак меҳнат кўрсаткичлари билан якунлади.

Комбинат Ахборот хизматининг хабар қилишича, шахта қурувчилар рангли ва қора металларни қазиб олиш бўйича ер ости кон объектларини қуриш билан боғлиқ инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш билан бир қаторда, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг хом ашё базасини ошира борди ва бир қатор штолняларда белгиланган ишларни якунига етказиб, янги конларни Ангрен кон бошқармаси кончиларига фойдаланиш учун топширишга муваффақ бўлишди.

Январь ойининг иккинчи ўн кунлигидан эса комбинат шахтақурувчилари II Чамаук участкасидаги 17-штолняда тоғ-кон ўтиш ишларига киришишди. Мазкур участкада амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар хусусида Шахтақурилиш бошқармаси бош муҳандисининг тоғ-кон ишлари бўйича ўринбосари Камолиддинхон Мараҳимов қуйидаги маълумотларни беради:– 17-штолняда бошлаб юборилган тоғ-кон ўтиш ишлари геология-қидирув ишлари доирасида олиб борилган вазифалар сирасига киради.

Бошқармамиз қурувчилари томонидан амалга ошириладиган ишлар катта тайёргарлик ва пухта ишлаб чиқилган лойиҳалар асосида бажариладиган вазифалар ҳисобланади. Рангли металлар геологияси илмий ишлаб чиқариш марказининг Шарқий Қурама геология-қидирув экспедицияси томонидан тақдим этилган буюртма асосида бошқармамиз пудратчи ташкилот сифатида 17-штолняда ишларга киришди. Дастлаб II Чамаук участкасигача бўлган 3 км.дан зиёд йўл 2-автобаза билан ҳамкорликда очилди. Зарур механизация воситалари фаолиятини таъминлаш учун электр линияси ва сув узатиш тизимлари ишга туширилди. Компрессор ускунаси, қурилиш материаллари учун кенг майдон тайёрланди. Ер ости кончилик ишларида бой ишлаб чиқариш тажрибасига эга бўлган Зокиржон Домлажонов раҳбарлиги остида бошлаб юборилган ишлар бошиданоқ юқори суръатларда олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Январь ойи иш режасига кўра бу ерда 10 пг/м.га тенг тоғ-кон ўтиш вазифаси белгиланган бўлса, айни кунга келиб шахтақурувчилар 20 пг/м. узунликда ўтиш ишларини бажариб бўлишди. Ишларнинг бу суръатда бориши I чорак учун белгиланган 90 пг/м.га тенг марра шаксиз уддаланишидан далолат бермоқда. Қисқа вақт ичида тоғ-капитал ва тоғ-кон ўтиш ишларини олиб боришни мукаммал ўзлаштириб олган ишчи-ходимларимиз билан бугун фахрлана оламиз. Абдували Бузруков, Фаридун Обидов, Аброр Султанов ва Жаҳонгир Саидмуратов каби лаҳм ўтувчилар ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариб келишмоқда. Тоғ-кон ўтиш ишларида асосий механизация воситамиз ҳисобланувчи перфератор ускунасининг сиқилган ҳаво билан таъминланишини компрессор машинисти Нуриддин Норқўзиев аъло даражада йўлга қўйган.

Бир иш сменаси давомида белгиланган ҳажмда лаҳм ўтиш ишларини олиб бориш, темир асосли аркасимон мустаҳкамлагич рамаларни ўрнатиш, темир-бетон тортмаларини жойлаштириш шахта қурувчилардан қунт ва мустаҳкам ирода талаб қилади. Самарчўқ ва Қайрағоч участкаларимиздаги штолня ва штрекларда олиб борилаётган тоғ-кон ва тоғ-капитал ишларида ҳам юқори суръатларни кўришимиз мумкин. Йилнинг биринчи ҳисобот ойи учун белгиланган барча ишлаб чиқариш кўрсаткичлари бажарилиши учун мустаҳкам асос қўйилган. Жумладан, жорий йилининг биринчи чорагининг ўзида 570 пг/м.га тенг тоғ-кон ўтиш ва 420 пг/м. ҳажмда тоғ-капитал ҳамда 67 пг/м. миқдорда тоғ тайёрлов ишларини амалга оширишдек масъулиятли вазифа бошқармамиз шахтақурувчилари томонидан забт этилишига ишончимиз комил.