"Ўзавтосаноат" АК хавфсизлик талаблари ва меҳнат гигиенасини таъминлаш, шикастланишни камайтириш, ишлаб чиқариш маданияти ва эстетикасини яхшилаш бўйича автомобилсозлик тармоғининг энг яхши корхонасини аниқлаш учун 2015 йилда ўтказилган кўрик-танловни якунлади.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан ўтказилган танловнинг биринчи босқичида энг юқори балл тўплаган 31 корхонада ишлаб чиқариш маданияти ва эстетикаси, меҳнат фаолияти учун яратилган қулай шароитлар танлов ташкилий қўмита аъзолари томонидан ўрганилди. Натижада корхоналарда мавжуд бўлган барча носозликлар аниқланди ва кўрик-танлов ҳакамлар ҳайъати “Ўзавтосаноат” АК таркибига кирувчи корхоналар раҳбарларига ишлаб чиқаришнинг ташкилий қисми бўйича ўзининг амалий фаолиятидаги илғор тажрибасини ўрганиб олиш ҳамда ундан фойдаланиш бўйича маслаҳатлар берди. Ўтказилган мониторинг материаллари ва биргаликда олиб борилган муҳокамалар натижасида эса ғолиблар аниқланди.

"Ишчи ходимларни хавфсиз меҳнат шароити билан таъминлаш, ишлаб чиқаришдаги юқори эстетика ва маданият бўйича энг яхши корхона" номинациясида, биринчи, иккинчи, учинчи ўринларни мос равишда "O‘z-Chasis" МЧЖ ҚК, "O‘z-Iraye Keybl" МЧЖ ҚК ва "O‘z-Iraye Klimat kontrol" МЧЖ ҚК эгаллади.

"Хавфсиз меҳнат шароити билан таъминлаш, ишлаб чиқаришдаги юқори эстетика ва маданият бўйича энг яхши цех (участка)" номинацияси бўйича совринли учта ўринга, "GM Uzbekistan" АЖнинг бўяш цехи, "General Motors Powertrain Uzbekistan" АЖнинг цилиндрлар блокига механик ишлов бериш участкаси, "O‘z-Tong Xong" ҚК пайвандлаш цехлари муносиб деб топилди.

"Хавфсиз меҳнат шароити билан таъминланганлик, ишлаб чиқаришдаги юқори эстетика ва маданият бўйича энг яхши бригада" номинацияси бўйича биринчи, иккинчи, учинчи ўринларни мос равишда “Фарғонаавтотеххизмат” АЖ ТХС, “Самавто” МЧЖнинг пайвандлаш цехи ва “Андижонавтотеххизмат” АЖ ТХС жамоалари эгаллади.

Ғолибларга "Ўзавтосаноат" АК ва "Ўзметмашсаноат" касаба уюшмаси Марказий кенгашининг қўшма дипломлари ҳамда пул мукофотлари топширилди.