Германиянинг Teichmann Group ва “Ўзбекистон темир йўллари” компаниялари ҳамкорликда Тошкент шаҳрида кранлар, юк машиналари ва механизмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Бу ҳақда Sputnik агентлиги маълум қилди.

Томонлар ўтган 2015 йилнинг ноябрида лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги меморандумни имзолашган эди.  “Ишлаб чиқариш қуввати Тошкент механика заводининг фойдаланилмаётган бино ва майдонларида йўлга қўйилади. Февралда эса немис компанияси делегацияси ускуналар ва қувватларнинг муайян турларини аниқлаш, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш учун зарур инвестициялар ҳажмини келишиб олиш мақсадида Тошкентга ташриф буюради”, - деди агентлик суҳбатдоши.

Айни пайтда томонлар кран қурилмалари бозори, шу каби ишлаб чиқариш қувватларининг жойлашган ўрни ва яқин-атрофдаги ҳудудлар имкониятларини ўрганиб чиқишмоқда. Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, ўзбек томони янги заводда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг катта қисмини ташқи бозорга мўлжалламоқда. Мазкур лойиҳа доирасидаги якуний шартнома шу йилнинг ўзида имзоланиши режалаштирилган.