Бразилиянинг Petrobras давлат нефть компаниясининг халқаро бўлими собиқ бошлиғи Хорхе Зеладу пул ювиш ва коррупция билан айбланиб, 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Қамоқ жазосига ҳукм этилганлар орасида компаниянинг бошқа амалдорлари ҳам бор. Улар Petrobras компанияси пудратчиларидан миллион доллар пора олганликда айбланган.

Зеладанинг коррупция билан боғлиқ ишлари 2014 йилда ошкор бўлганди. Шунингдек, компаниянинг бир қатор топ-менежерлари ташкилот номидан шартномалар имзолаган ва ўз хизматлари учун шартномада белгиланган суммадан 3% фоиз миқдорида улуш олиб турган. Шундай йўллар билан йиғилган пуллар ёрдамида сиёсатчилар ва давлат амалдорлари сотиб олинган.

Зелада пул ювиш, давлат ташкилоти маблағларини ўзлаштириш, порахўрлик ва солиқ тўловларидан бўйин товлаш сингари жиноятларда айбланди. Суриштирувлар чоғида маълум бўлишича, тушган йирик миқдордаги пуллар хитойнинг офшор банкларига ўтказилган.

Ўтган суриштирув-тергов жараёнларида 100 нафардан ортиқ одам қамоққа олинган. Улар орасида машҳур сиёсатчи ва бизнесменлар ҳам бор.

Бундан ташқари ўтган йилнинг декабрь ойида Бразилия федераль ҳукумати амалдорлар Дельсидио де Амарале ва BTG Pactual SA молия компанияси раҳбари Андре Эстевесга нисбатан Petrobras`га тааллуқли тергов ишига тўсқинлик қилиш айбловини эълон қилганди.