Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган 2016 йилги ёзги Олимпиада ўйинларида қочоқлар жамоаси ҳам иштирок этиши мумкин. Халқаро Олимпия қўмитасининг шу ҳақидаги резолюциясини БМТга аъзо 193 мамлакатдан 180 таси қўллаб-қувватлаган.

“Олимпиада—бу бағрикенглик, бирдамлик ва тинчлик дегани. ХОҚ юқори саъвияли қочоқ-спортчиларни ҳам Олимпиада ўйинларига таклиф қилишга қарор қилди. Биз уларни қўллаб-қувватлаш ва қалбларига умид бахш этиш орқали бутун дунё эътиборини 60 миллионлик қочоқлар тақдири ва муаммоларига қаратмоқчимиз”, дея мазкур қарорни изоҳлади ХОҚ раҳбари Томас Бах.

Эслатиб ўтамиз, Рио-де-Жанейродаги Олимпия ўйинлари шу йилнинг 5 августидан 21 августига қадар бўлиб ўтади.