Эван Бласс исмли блогер (@evleaks) Samsung компаниясининг YouTube’даги расмий каналида жойлаштирилган видеодан скриншот чоп этди. Унга кўра, Жанубий Корея компанияси Барселонада Mobile World Congress 2016 (MWC 2016) кўргазмаси очилишидан бир кун аввал, яъни 21 февралда Galaxy смартфонлар қатори ҳақида қандайдир янги маълумот беришга ваъда бермоқда. Бу кўргазма кўлами ва Samsung’нинг расмий эълони анонснинг анча муҳимлигидан дарак беради. Эҳтимол бу куни компаниянинг янги Samsung Galaxy S7 смартфони намойиш қилинар.

Бир неча кун аввал бир манба Galaxy S7 ва Galaxy S7 Edge смартфонларининг фотосуратини чоп этганди.

Суратларга қараганда, янги смартфон аввалги моделлардан деярли фарқ қилмайди. Манбаларнинг маълумотларига кўра, Samsung Galaxy S7 ва S7 Edge смартфонлари мос равишда 5,1 ва 5,5 дюймли QHD кўрсатиш қобилиятига эга (2560 × 1440 нуқта) Super AMOLED дисплейлари, Qualcomm Snapdragon 820 ва Samsung Exynos 8890 процессорлари, 4 Гбайт тезкор хотира, 32 ёки 64 Гбайтли флеш-хотира, microSD хотира карталари учун слот, бармоқ излари сканери, 12 Мп ли BRITECELL орқа камера ва селфи учун 5 Мп ли олд камера билан жиҳозланади. Galaxy S7 ва Galaxy S7 Edge’нинг тез қувватланиш функциясига эга аккумуляторлари ҳажми мос равишда 3000 ва 3600 мА•соатни ташкил қилади.

Иккала қурилма ҳам IP67 стандарти бўйича сув ва чанг тушишидан ҳимояга эга, янги Android Marshmallow операцион тизимида ишлайди. Смартфонлар, айтилишича, 11 мартдан сотувга чиқарилади.