2016 йилнинг 18 январь санасида бир гуруҳ ҳайдовчилар Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги Мирзо Улуғбек шоҳ кўчасида йўлнинг автомобиль ҳаракатланадиган қисмида асфальт қатлами орасидан чиқиб турган ва автомобиль шиналарига бир неча бор шикаст етишига сабаб бўлган металл қолдиқларини кесиб олиб ташлаш мақсадида борган эди.
Мазкур ишда “Тошшаҳарнур” давлат унитар корхонасининг ходимлари – электрмонтёрлар Мирзатилла Мираҳмедов, Равшан Маҳкамов, ҳайдовчи Дониёр Мирзаев ва Баҳодир Тоиров ўзларининг амалий ёрдамини кўрсатишган эди.

Шу муносабат билан “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги Driver's.uz гуруҳи аъзолари номидан “Тошшаҳарнур” ДУК раҳбарига миннатдорчилик мактубини йўлланди. “Улар бошиданоқ мақсадимизни эшитиб, бажонидил ёрдам беришлари, бизнинг ташаббусимизни қўллаб-қувватлашларини айтиб, чиндан ҳам амалий ёрдам кўрсатишди. Ушбу ходимларнинг кўнгилли ҳаракатлари натижасида металл парчалари йўл юзидан олиб ташланди. Аслида юртимиз кўчаларини ёритиш бош вазифаси бўлган бу ходимларнинг ушбу ишлари халқимизнинг, Тошкент ҳайдовчиларининг кўнглини-да ёритди”, - дейилади мактубда.

Шу билан бир қаторда, корхона ходимлари ва ҳайдовчилар учрашуви ташкил этилиб, бир пиёла чой устида дўстона тарзда, кизғин суҳбатлар ўтказилди. Учрашув сўнгида driver's.uz гуруҳи номида воқеа қаҳрамонларига гуруҳ логотипи акс эттирилган совғалар ҳам топширилди.