2015 йилда Тошкент шаҳрида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўтган йилга нисбатан 11,6 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 16,8 фоизга, истеъмол моллари ишлаб чиқариш 16,9 фоизга, чакана савдо айланмаси 17,0 фоизга, хизматлар 16,7 фоизга, пудрат-қурилиш ишлари 9,9 фоизга ўсиши таъминланган.

Бу ҳақда 2015 йил якунлари ва 2016 йилда Тошкент шаҳар иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги ўнинчи сессиясида маълум қилинган. Тадбир тафсилотлари эса Тошкент шаҳар ҳокимияти сайтида эълон қилинди.

2015 йилда кичик бизнес субъектлари сони 45490 тага етди. Кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши эса 57,0 фоизни, саноатдаги улуши 71,2 фоизни, хизматдаги улуши 52,8 фоизни, ҳудудий экспортдаги улуши 92,7 фоизни ва аҳоли бандлигида улуши эса 57,6 фоизни ташкил этди.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 162 та лойиҳа бўйича импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, прогноз 119,1 фоизга бажарилди.  Шу билан бирга ўтган йил якуни билан шаҳарда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини камайтирган 17 та йирик саноат ҳамда чакана савдо, хизматлар ва айниқса пулли хизматлар ҳажмларини камайтирган корхоналарда жорий йилда ижобий кўрсаткичларга эришиш чоралари белгиланди.

Жорий йилда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 156 та лойиҳа бўйича 1,3 трлн. сўмга тенг маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари белгиланди. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш ҳажми 214 млрд. сўмга тенг 43 та лойиҳа қўшимча шакллантирилди. Белгиланган прогноз кўрсаткичларига кўра, жорий йилда 1293 млн. долларга тенг товар ва хизматлар экспорти амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари 2016 йилда камида 8 мингта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ташкил этиб, тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган тижорат банк кредитлари ҳажмини камида 1,3 мартага ошириш бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг ўнинчи сессияси ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев иштирок этди.