2014 йилда қиличбозлик бўйича жаҳон чемпиони бўлган Ибтиҳаж Муҳаммад 2016 йилги ёзги олимпиада ўйинларига йўл олди. У шу тариқа Олимпиада ҳижоб кийган ҳолда иштирок этадиган илк америкалик бўлади.

"Олимпиадада саблист сифатида иштирок этадиган спортчиларнинг ҳеч бири мусобақалар бошланишини менчалик кутишмагандир. Мен Олимпиадада иштирок этиш учун терининг рангги, диннинг ўзгалиги ва жинс муҳим ўрин тутмаслигини исботлаш учун мусобақалашмоқчиман", дейди 30 ёшли америкалик спортчи.

Ибтиҳаж Муҳаммад Афинада қиличбозлар ўртасида ўтказилган Жаҳон кубогида учинчи ўринни эгаллади ва 2016 йилнинг ёзида Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган олимпиада учун йўлланмани қўлга киритди. У 4 йил олдин Лондон олимпиадасида жароҳат туфайли қатнаша олмаганди.