БМТ ва унинг ҳамкорлари Сурия ва қўшни мамлакатлардиги 4 миллион боланинг таълим олиши учун 1,4 миллиард доллар ажратишларини сўрамоқда. Бу ҳақда 4 февралда Лондонда бўлиб ўтадиган Сурия ва минтақа мамлакатларига ёрдам кўрсатиш бўйича бешинчи йиллик халқаро конференция арафасида тайёрланган биргаликдаги мурожаатда сўз боради.

“Учрашув олдидан “Йўқотилган авлодга йўл қўймаймиз” ташаббусини илгари сурган гуманитар гуруҳлар ва БМТ агентликлари Сурия ва қўшни мамлакатлардаги 4 миллион бола ва ёшларни мактабда ва мактабдан ташқарида билим олишларини таъминлаш учун 1,4 миллиард доллар ажратишга чақиради”, - дейилади пресс-релизда.

БМТнинг болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) маълумотларига кўра, Сурияда қуролли можаролар бошланганидан буён ўтган беш йил ичида 2,1 миллион бола таҳсил олиш имкониятидан маҳрум бўлди. Шунингдек, урушдан қочиб, қўшни мамлакатлардан бошпана топган 700 минг суриялик бола ҳам бошланғич таълим олишдан маҳрум.

Ўтган йил давомида ҳукумат ва халқаро ташкилотлар саъй-ҳаракатлари эвазига бир миллиондан зиёдроқ бола таълим олиш имконига эга бўлди. Гуманитар агентликнинг огоҳлантиришича, можаролар сиёсий йўл билан ҳал этилмаса, таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлган болалар сони янада ортиши мумкин.