Эронлик блогерлар LG смартфони пишиқлигини танк ғилдираклари остида синаб кўришди

Технология 03 Февраль 2016 6226

Эронлик блогерлар LG V10 моделидаги смартфоннинг чидамлилигини синаш мақсадида бир қатор тестлар ўтказишди. Шулардан бири смартфонни танк ғилдираклари остига ташлаш бўлган. Бу жараён тасвирлари Youtube порталига жойлаштирилган.

Блогер дастлаб смартфонни ўз бўйи баландлигидан пастга ташлаган, натижада қурилмада билинар-билинмас асоратлар қолган бўлсада, унинг ишлаш қобилияти ўзгармаган.

Кейин у телефонни шу баландликдан куч билан ерга уради. Натижада, телефоннинг экрани чатнаб кетади, лекин қурилма одатдагидек ишлашда давом этади. Шунингдек, смартфон 10 метр баландликдан пастга ташланганидан кейин ҳам абгор ҳолга келмайди ва синовнинг охирги босқичига бутун етиб келади.

Охирги босқичда эса блогер смартфонни Т-62 русумли танкнинг темир ғилдираклари остида қолдиради. Натижада, бу тажриба смартфоннинг бутунлай яксон бўлиб, яроқсиз ҳолга келишига олиб келади.

LG V10 охирги босқичдан ўта олмаган бўлсада, блогерлар смартфоннинг чидамлигига яхши баҳо беришган. Хусусан, улар смартфон 10 м баландликдан пастга тушгани ва экрани зарарланганидан кейин ҳам ишлайверганини таъкидлашган.

Кўпроқ янгиликлар