Ироқ ҳукумати Бағдодга жангарилар томонидан терактлар вақтида ишлатиладиган қурол-аслаҳа ва портловчи моддалар олиб кирилишининг олдини олиш мақсадида шаҳар атрофида девор қуришни бошлади. Бу ҳақда Бағдод тезкор штаби кўмондонларидан бири генерал Абдул Амир аш-Шаммарий маълум қилди.

"Бағдод атрофидаги хавфсизлик тўсиғи террорчиларга шаҳарга кириш ва портловчи модда олиб кириш ёки миналаштирилган автомобилда тинч аҳолига ҳужум қилишга йўл бермайди", деб айтди генерал. Генералнинг айтишича, деворни қуриш бўйича тайёргарчилик ишлари 1 февралда бошланган. Қурилиш Ас-Субайҳат туманидан бошланади. Қурилишнинг 1-босқичида бешта муҳандислик бригадаси кучи билан 100 км тўсиқ барпо этилади.

Деворнинг бутун периметри бўйича бир-биридан маълум масофада жойлашган кузатув миноралари, кузатув камералари ва портловчи моддалар детекторлари ўрнатилади, патруль ҳаракатланади. Шаҳарга кираверишлар махсус асбоблар билан жиҳозланади.