Жиззах вилоятида 2015 йилда саноат соҳасида 254 миллиард сўмлик 213 лойиҳа амалга оширилди. Корхоналар модернизация қилиниб, 50 дан зиёд турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

ЎзА хабарига кўра, “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти ҳамда хитойлик ишбилармонлар ҳамкорлигида ташкил этилган “JUITA GULSHANA INVEST” қўшма корхонаси саноатлашган тикув дастгоҳлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

– “Жиззах” махсус индустриал зонаси ҳудудида бўш турган бинони харид қилиб, тўла таъмирдан чиқардик, – дейди корхона ижрочи директори Нурали Абдурасулов. – Кейин замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилган тикув машиналарини йиғиш ва эҳтиёт қисмлар тайёрлаш дастгоҳлари келтириб ўрнатилди. Натижада “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” тамғаси билан йилига 15 минг дона саноатбоп тикув машинаси ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ишга туширилди. Ҳозир бу ерда бир неча турдаги тикув машиналари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотнинг учдан бир қисми хорижга экспорт қилинаётир. Айни пайтда 50 доимий иш ўрнига эга корхонада ишлаб чиқаришни кенгайтириш ишлари давом эттирилмоқда. Жумладан, тикув машиналари қисмларини шу ернинг ўзида тайёрлаш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.

2017 йилга бориб тикув машиналари учун эҳтиёт қисмларнинг 50 фоизини шу ернинг ўзида тайёрлаш йўлга қўйилади. Бундан ташқари, ип ўраш дастгоҳлари, трикотаж маҳсулотлари тикишда кенг фойдаланиладиган ярим сунъий иплар, кийимлар учун безак, ўровчи материаллар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳам режалаштирилган. Лойиҳа амалга оширилгач, яна 50 дан ортиқ қўшимча иш ўрни яратилади.

Замонавий технологияга асосланган дастгоҳлар бир вақтнинг ўзида тикиш, газламанинг ортиқча қисми ва ипни кесиш каби юмушларни автоматик тарзда бажаради. Тикув машиналарининг яна бир афзаллиги – энергия тежамкорлигидир.